28.01.2021 / O'zbekiston

Cotton Campaign Ўзбекистондаги 2020 йилги пахта терими мониторинги натижаларини эълон қилди

Cotton Campaign Ўзбекистондаги 2020 йилги пахта терими мониторинги натижаларини эълон қилди

Cotton Campaign Ўзбекистон пахта далаларида 2020 йилги ҳосилни йиғиб олишда мажбурий меҳнатга барҳам беришда кузатилган сезиларли олға силжишни олқишлади. Шу билан бирга, муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон пахта далаларида етиштирилган 2020 йилги ҳосилни териб олишда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида олға силжишни олқишламоқда.

«Cotton Campaign коалициясининг илғор ҳамкори ҳисобланувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми сўнгги 10 йилда илк бора, Ўзбекистондаги пахта терими мавсумидаги мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингида айрим пахта етиштирувчи туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта ҳолатни ҳужжатлаштирмагани эътирофга сазовордир», дейилади коалиция баёнотида.

Ўзбек форуми тармоғидаги тажрибали мустақил кузатувчилар жойларда кўнгилли теримчилар кўплиги, ўзлари истамаган ҳолда теримга жалб қилинган ишчиларга жуда кам дуч келганликларини хабар қилишган. Бироқ, кузатувчилар мулозимлар томонидан ташкил этилган ҳолда мажбурий меҳнат ҳолатларини, шунингдек, давлат корхоналари хизматчилари маошларининг бир қисмини пахта теримчиларини ёллаш учун сарфлашга мажбурланганини қайд қилишган.

Cotton Campaign халқаро коалициясига кўра, 2020 йилга пахта ҳосилини йиғиб олишдаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодиётни ўзгартириш ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам беришга йўналтирилган ислоҳотлар бўйича кўп йиллик чоралари натижасидир.

Пахта терими учун бирмунча юқори тўловлар, меҳнат инспекциялари томонидан қатъий назорат ва айрим пахта кластерлари томонидан тажрибали ходимларни танлаш каби чоралар теримчилар орасида мажбурий меҳнат билан боғлиқ салбий ҳолатлар, айниқса, айрим туманларда қисқаришига олиб келган. COVID-19 пандемияси ҳам кўнгилли теримчилар сони ортишига сабаб бўлган.

Шунга қарамай, айрим илгаридан қолган омиллар 2020 йилда ҳам мажбурий меҳнатга олиб келган ва келгусида ҳам бу ҳолат давом этиш эҳтимолини пайдо қилган.

«Маҳаллий ҳокимликлар пахта теримини ташкил этиш ва назорат қилишни ўзида сақлаб қолди. Гарчи 2020 йил мартида пахта ҳосилига давлат буюртмаси бекор қилиниб, марказий ҳукуматнинг расмий шахслари мажбурий меҳнат тақиқланганига доир бир неча маротаба аниқ баёнотлар эълон қилган бўлса-да, маҳаллий мулозимларга туманлар ўзларининг ишлаб чиқариш мақсадларини бажаришини назорат қилиш вазифаси топширилган.

Айрим туманлардаги мулозимлар эса, топшириқларни бажариш учун мажбурий меҳнатга йўл қўйган. Хусусан, фавқулодда ҳолатлар, банк ва давлат корхоналари хизматчилари пахта теришга мажбурланган ёки теримчи хизматини тўлаган, акс ҳолда салбий оқибатларга дуч келган. Кузатувчилар маҳаллий ҳокимлик идораларининг минглаб пахта теримчиларини мажбуран сафарбар этганликлари билан боғлиқ ўнлаб ҳолатларни қайд этишган», дейилади Cotton Campaign эълон қилган баёнотда.

Биргина мисол: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2890 ўт ўчирувчини Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида пахта теримига сафарбар қилиш бўйича буйруқ чиқарган. Ёмон шароитларда яшаган ўт ўчирувчилар эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли вакилларидан бир кунлик режага етмаган пахтани сотиб олишга мажбур бўлган. Бу мажбурий меҳнат кузатилмаган бошқа туманлардан фарқли равишда содир бўлган.

ХМТ Ўзбекистонда 2020 йилги пахта терими бўйича мониторинг натижаларини эълон қилди

Kun.uz