17.04.2020 / O'zbekiston

Cotton Campaign Ўзбекистон пахтасига бойкот ҳозирча бекор қилинмаслигини билдирди

Cotton Campaign Ўзбекистон пахтасига бойкот ҳозирча бекор қилинмаслигини билдирди

Cotton Campaign Ўзбекистон пахтасига бойкот ҳозирча бекор қилинмаслигини билдирди. Коалиция мамлакатда ҳали мажбурий меҳнатга барҳам берилмагани ҳамда ишчиларни ҳимоя қилишда қўшимча кафолатларга эҳтиёж сезилаётганини қайд этиб ўтди.

Cotton Campaign Ўзбекистонга мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланганлик учун қўйилган бойкотни ҳозирча бекор қилмайди, дея маълум қилинади халқаро коалициянинг Ўзбекистон ҳукуматига йўналтирган жавоб хатида.

Cotton Campaign халқаро коалициясининг ҳаммуассиси Беннет Фриман Ўзбекистон меҳнат вазирининг мурожаатига жавоб тариқасида «масала бойкотни тугатишда эмас, балки уни қачон ва қандай тугатишда. Бундан ташқари, бойкотни бекор қилиш оқибатида ислоҳотлар олиб борилаётган Ўзбекистонда инсон ва ишчилар ҳуқуқларининг таъминланишини қўллаб-қувватлайдиган маъсулиятли маҳсулот етказиб берувчилар ва инвесторлар пайдо бўлиши ҳам муҳим» дея таъкидлади.

Cotton Campaign Ўзбекистонда пахта терими билан боғлиқ мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида эришилган ютуқларни олқишлади, бироқ 2019 йилда фуқаролик жамияти эркинликлари ва мажбурий меҳнатга оид ўзгаришлар бўлмагани ҳақидаги хавотирлар кучайганини қўшимча қилди.

Коалиция мисол сифатида Халқаро меҳнат ташкилотининг 2019 йилги пахта йиғим-теримида 100 мингдан ортиқ одам ишлашга мажбур бўлгани ҳақидаги кузатувларини далил асосида келтирган.

«Биз Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида эришган ютуқларини тан оламиз ва бундан хурсандмиз. Бироқ брендларнинг мажбурий меҳнатга нисбатан нолга тенг бағрикенглик сиёсати, қулликка қарши қонунчилик талаблари ва Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 2019 йилда 100 мингдан ортиқ киши мажбурий меҳнат шароитида ишлагани ҳақидаги кузатувлари брендларнинг хавотирларини кучайтирмоқда. [Шу ўринда] брендлар ишчиларни ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатларга эҳтиёж сезмоқда. Глобал пандемия давом этаётганига қарамай, аъзоларимиз учун бу талаблар муҳимдир», — деди Нейт Херман, Америка кийим ва пойафзаллар ассоциациясининг сиёсат бўйича катта вице-президенти.

Тизимли мажбурий меҳнатни тўхтатиш бўйича қабул қилинган муҳим чораларга қарамай, фуқаролик жамиятининг ваколатлари, шу жумладан мустақил ННТларни рўйхатга олиш ва ишчиларнинг мустақил ташкил этилиши учун имкониятлар яратилиши талаб қилинмоқда.

Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукуматини очиқ ва масъулиятли фуқаролик жамияти учун имконият беришга чақирди, бу ошкоралик ва ҳисобдорликка ҳисса қўшади ҳамда, ўз навбатида, масъулиятли инвестициялар учун йўл очади, дейилади хатда.

«Ишчилар ва фермерларни ҳимоя қилиш учун брендлар билан йўлга қўйиладиган ҳар қандай тизим Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотларни қабул қилишдан уларни амалга оширишга ўтгандагина самара беради. Бу мажбурий меҳнатни йўқ қилиш учун ҳам, брендлар ишонадиган ахлоқий таъминот занжирларини яратиш учун ҳам жуда муҳимдир», — деди Cotton Campaign асосчиларидан бири ва Масъул манбалар тармоғининг вице-президенти Патрисия Юревич.

Шунга қарамай, коалиция Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришига умид қилмоқда. Коалиция ислоҳотлар жараёнини Ўзбекистонда ишчилар, фермерлар ва фуқаролик жамиятига фойда келтирадиган масъулиятли инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ қадамлар билан қўллаб-қувватлаш ниятида эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалицияга мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланганлик учун бойкотни бекор қилишни сўраб очиқ мурожаат йўллаганди.

Маълумот учун, ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотда дунёнинг 305 та бренди, жумладан Adidas, Zara, Bershka, H&M, Burberry, American Eagle ва бошқалар иштирок этмоқда.

Газета.uz