01.02.2021 / O'zbekiston

Фарғонада ёқилғи ишлаб чиқариш заводи ишчилари ишсиз қолишдан хавотирда

Фарғонада ёқилғи ишлаб чиқариш заводи ишчилари ишсиз қолишдан хавотирда

Фарғона вилоятидаги Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводи ишчилари деярли 11 ойдан бери корхонага хом ашё етказилмаганлигини, иш тўхтаб қолиб, март ойидан ишчилар сони қисқартирилиши мумкинлигини айтмоқда. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти «Дарё» нашрига завод ёпилмаслигини, иш ўринлари қисқартирилиши, лекин ходимлар ишдан бўшатилмаслигини маълум қилган.

Фарғона вилоятидаги Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари «Дарё» нашрига заводга хом ашё етказиб берилмаётгани ва натижада иш тўхтаб қолиб, ишчилар ойлиги камайиб кетганидан шикоят қилган.

«Дарё»нинг хабар беришича, иш ҳақи ва иш ўринлари қисқартирилишидан норози бўлган ўнлаб ишчилар корхона биноси олдида тўпланиб, масъулларга видео орқали мурожаат қилган. Видеотасвирлардан «Бизга ёрдам беринг!», «Бизга нефть беринг!», «Биз ишлашни хоҳлаймиз!», «89-моддага қаршимиз» каби ёзувларни кўтарган корхона ишчиларини кўриш мумкин.


Фото: «Дарё»

Корхона ходимларининг айтишича, уларга Меҳнат кодексининг 89-моддасига асосан огоҳлантириш хатлари берилган. Йиғилишлар ўтказилиб, март ойидан бошлаб корхона янги иш тартибига ўтиши, иш вақти қисқартирилиши ва шу билан бирга ишчиларнинг маошлари камайтирилиши ҳам айтилган.

Корхона ишчилари қарийб 10 ойдан бери заводга хом ашё — газ конденсати етказиб берилмаётганини таъкидлаган. Корхонада ишлаб чиқариш тўхтаб қолган. Кўплаб ишчилар ободонлаштириш ва қурилиш ишларига жалб этилган. Ишчилар завод бутунлай ёпилиши ва 800 нафардан ортиқ ходим ишсиз қолишидан хавотирда эканлигини айтмоқда.

«Бизга газ конденсати беришса, корхонамиз яна иш бошлайди. Ҳозир шунча одам ишсиз қолиши мумкин. Корхона раҳбарларининг айтишича, март ойидан ҳар бир ишчига бир миллион сўмдан ойлик тўланаркан. Лекин бу гаплар ҳеч қандай буйруқсиз, ҳужжатсиз айтиляпти. Оғзаки тарзда шунча пул берамиз, деб ваъда қилишяпти. Бир миллионга розимисан, дегандек», — дейди биринчи тоифали газдан қутқариш жангчиси Шокир Мугалимов.

28 йилдан бери корхонада ишлайдиган Шоҳсанам Абдувалиева бу заводга келганидан бери хом ашё таъминотида узилиш бўлмаганлигини айтади.

«Ҳозир бизга Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи томонидан Меҳнат кодексининг 89-моддаси билан огоҳлантириш бериляпти. Огоҳлантириш хатини олдим, лекин унга имзо қўйганим йўқ. Агар биз бу хатга қўл қўймасак, ўз-ўзидан меҳнат шартномамиз бекор қилиниб, ишдан бўшатилар эканмиз… Қаранг, шу корхона 114 йиллик заводга ўхшайдими? Ҳамма жиҳозлари, технологиялари сақланиб қолган. Талабга жавоб бермаган жойларини модернизация қилса, янги маҳсулотлар ишлаб чиқарса бўлади-ку. Раҳбариятдан талабим, хом ашё беришсин, биз ишлайлик», — дейди у.

Фото: «Дарё»

«Туманимизда шу завод борлиги учун ҳаммамиз нефть-газ соҳасида ўқиганмиз. Завод ёпилса, юзлаб оилалар боқувчисиз қолади», — дейди Иқболжон Олимжонов.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи муносабати

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) директори Ҳабиб Латипов «Дарё» нашрига Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш корхонаси ёпилмаслигини, иш ўринлари қисқартирилишини, лекин ходимлар ишдан бўшатилмаслигини маълум қилган.

Унга кўра, хом ашё танқислиги сабабли айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш қувватлари пасайиб, иш ҳажми камайган. Лекин ушбу давр мобайнида корхонадаги мавжуд штат бирликлари сақлаб қолинганлиги айтилмоқда. Иш ҳажми йўқлигига қарамай, иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилган, шунингдек, ишчилар шартномасида кўрсатилган барча имтиёз ва кафолатлар билан таъминланган. 2020 йил давомида ишчи-ходимларга 39 миллиард 428 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўтказилган. Уларнинг ўртача иш ҳақи 2019 йилда 3,16 миллион сўмни, 2020 йилда эса 3,96 миллион сўмни ташкил этган.

Корхонадаги мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш учун 2021 йилнинг март ойидан айрим ходимлар гуруҳи учун Меҳнат кодексининг 89-моддасига мувофиқ меҳнат шартларини ўзгартириш, иш вақтини ва ойлик ҳақини қисқартириш режалаштирилган. Мазкур чора вақтинчалик бўлиб, ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ҳажми ошиши билан аввалги меҳнат шартлари қайтарилиши таъкидланган.

Ушбу масала 2020 йилнинг 18 ва 21 декабрь, 2021 йилнинг 6 ва 15 январь кунлари Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш жамоаси билан, шунингдек, ФНҚИЗ ҳудудида корхона ишчи гуруҳи билан муҳокама қилиниб, меҳнат шартларини ўзгартириш билан боғлиқ чоралар ишчи-ходимлар томонидан маъқулланган.

Завод раҳбарининг кадрлар масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Асомовнинг «Дарё»га берган интервьюсида таъкидлашича, корхона 1905 йилдан буён фаолият юритади. Заводнинг олтита асосий технологик қурилмалари ҳамда ёрдамчи цехлари 1940−1950 йилларда ишга туширилган ва ўша даврда мавжуд бўлган технологияларга мувофиқ 80 йилларда реконструкция қилинган. Ҳозирги кунда бешта технологик қурилмалар яроқсиз ҳолда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, 2020 йил 7 мартда Давлат активларини бошқариш агентлиги, Jizzakh Petroleum масъулияти чекланган жамияти ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўртасида ишончли бошқарув шартномаси тузилган. Шартномада «Ўзбекнефтгаз» АЖ заводнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ишончли бошқарув даврида йилига 250 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда ва тармоқ ички нархларида газ конденсати етказиб бериши кераклиги белгиланган.

2020 йилнинг 22 январь куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида завод фаолияти учун 2020 йилда 255 минг тонна газ конденсати етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.

2020 йил 4 июлда ҳукумат томонидан тасдиқланган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида газ конденсатини жаҳон бозорлари нархларидан келиб чиқиб олиш кераклиги қайд этилган. 2020 йилнинг март ойидан буён газ конденсатини тармоқ ички нархларида олиш имкони бўлмаган. Оқибатда ишончли бошқарув шартномасида кўзда тутилган талаблар бажарилмаган.

2020 йилнинг январь-май ойларида 67,6 минг тонна хом ашё қайта ишлаш учун етказиб берилган. Хом ашё етказиб беришга доир тузилган шартнома шартларининг бажарилмай қолиши ҳамда карантин чекловларининг жорий этилиши завод қайта ишлаш қувватларининг пасайишига, иш ҳажмининг камайишига олиб келган.

Газета.uz