22.12.2023 / O'zbekiston

ЎЗБЕКИСТОН: ФЕРМЕРЛАР КООПЕРАТИВ ЁПИЛИШИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛМОҚДА

ЎЗБЕКИСТОН: ФЕРМЕРЛАР КООПЕРАТИВ ЁПИЛИШИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛМОҚДА

(Берлин, 2023 йил 15 декабрь) – Ўзбекистоннинг Нукус шаҳри суди 2023 йил 19 декабрда фермерлар кооперативи шикоятини апелляция тартибида кўриб чиқади. Кооператив аввалроқ суд қарори билан ёпиб қўйилган эди, дея хабар бермоқда Human Rights Watch ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми. Кооперативнинг ёпилиши уюшмалар ва бирлашмаларга оид халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади.

– Ўзбекистонда фермерларнинг кооперативлар ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш ҳуқуқи миллий қонунчилик, меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунлар билан ҳимояланган, – дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Ўзбек форуми) директори Умида Ниёзова. – Кооператив фаолиятига бундай жиддий ва асоссиз аралашувни ҳеч қандай оқлаб бўлмайди, суднинг уни ёпиш тўғрисидаги қарори бекор қилиниши керак.

Ўзбекистон шимоли-ғарбида жойлашган Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманидаги 40 дан ортиқ фермер “Олтин тола Бўстон” кооперативига бирлашиб, 2022 йил февралда рўйхатдан ўтган. 

“Фермерлар пахта хомашёсини давлат сиёсатига мувофиқ қандайдир хусусий пахта-тўқимачилик кластерига сотиш мажбуриятидан кўра, ўз ҳосилини сотиш шартлари устидан кўпроқ назорат қилиш учун кооператив тузди”, деди кооператив аъзоси бўлган фермерларидан бири Ўзбек форуми ва Human Rights Watch ташкилотига.

Аммо 8 сентябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси кооператив фаолиятини тугатиш тўғрисида судга даъво аризаси киритди.

Инспекция Президентнинг 4633-фармонига кўра кластерлар фаолият юритаётган ҳудудларда фермер хўжаликлари кооперациялари бўлиши мумкин эмаслиги, кооператив пахта хомашёсини сотиш бўйича шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказмаганини даъво қилди.

Хўжалик суди 1 ноябрь куни кооператив фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор чиқарди. Суд кооперативларга кластерлар билан бир туманда фаолият кўрсатишга рухсат берилмаслигини тасдиқлаб, Элликқалъа тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг туман ҳокимига 30 август куни йўллаган хати асосида кооперативнинг омбори пахта сақлаш бўйича талабларга жавоб бермаслигини билдирди. Суд кооператив ҳақиқатан ҳам пахта сотишни Қишлоқ хўжалиги бўлимида рўйхатдан ўтказганини тан олди.

Бироқ суд Фавқулодда вазиятлар бўлими ва кооператив ўртасида 26 сентябрда имзоланган, кооперативнинг камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари батафсил баён этилган ва муаммоларни ноябрь ойигача ҳал этиш муддати кўрсатилган баённомани эътиборсиз қолдирган кўринади, деди кооператив аъзоси.

Суднинг 9 ноябрдаги қароридан кўп ўтмай, Фавқулодда вазиятлар бўлими кооперативга йўллаган хатида барча камчиликлар бартараф этилгани ва омбор талабларга жавоб беришини тасдиқлади.

Президентнинг 4633-фармонида ҳам, “Кооперация тўғрисида”ги қонунда ҳам кооперативларнинг бир туманда кластерлар билан ёнма-ён фаолият юритиши аниқ тақиқланмаган, кооперация тўғрисидаги қонунда эса “кооператив, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланганларидан ташқари, фаолиятнинг ҳар қандай тури билан шуғулланишга ҳақлидир”, дейилган.

Кооперативнинг ёпилиши ҳақидаги видеода унинг яна бир аъзоси бундай дейди: “Кооперация тўғрисидаги қонунда фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун эркин бирлаша олишлари айтилган. Мақсадимиз пахта етиштириш ва иш ўринлари яратиш”.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 2016 йил декабрда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистондаги фермерларга ҳукуматнинг ортиқча аралашувисиз кооперативлар ташкил этиш ҳуқуқини кафолатлайди, дея хабар беради Ўзбек форуми ва Human Rights Watch. 

Бу ҳуқуқлар, шунингдек, Ўзбекистон аъзо бўлган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 22-моддаси билан ҳам ҳимояланган.

Гарчи “Олтин тола Бўстон” кооперативи рўйхатдан ўтишда ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмаган бўлса-да, расмийлар якка тартибдаги фермерларни кооперативни тарк этишга мажбур қилган кўринади. Биринчи фермернинг сўзларига кўра, 2022 йил охирига келиб 44 нафар фермердан фақат 17 таси кооператив аъзолигида қолган.

Ушбу кооператив 2023 йил ҳосилидан олинган пахтани қайта ишлаш ва сотишга муваффақ бўлганидан сўнг унинг фаолиятини янада очиқроқ таъқиб қилиш бошланди. 

24 август куни туман ҳокимлиги Элликқалъа тумани прокуратурасига кооператив фаолияти қонунийлигини баҳолаш талаби билан хат юборган. Шунингдек, туман ҳокими томонидан Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги инспекциясига “Олтин тола Бўстон” кооперативининг “пахта хомашёсини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланиши қонунийми ёки йўқлигини аниқлаш” юзасидан сўров хатлари юборилган. 

Ўзбекистон сўнгги йилларда пахта етиштириш жараёнидаги тизимли мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида сезиларли ютуқларга эришди, бироқ фермерлар уюшмасини ноқонуний ёпиш ислоҳотларга жиддий зарба бўлади, дейди Ўзбек форуми ва Human Rights Watch. 

Ўзбекистоннинг ҳамкорлари фермерларнинг қонуний кооперативини ёпишга уринишдан дарҳол хавотир билдириши ва Ўзбекистон ҳукуматини фермерларнинг уюшиш ва бирлашиш эркинлиги ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга чақириши керак.

“Фермерлар кооперативини бутунлай ёпиш уюшмалар ва бирлашмалар эркинлиги ҳуқуқига катта зарбадир ҳамда бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш дастури учун жиддий тўсиқ бўлади, – дейди Human Rights Watch нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман. – Барча эътибор Ўзбекистоннинг меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига содиқлиги синови сифатида бўлажак апелляция судига қаратилади”.

Uzbekforum.org