25.04.2023 / Xalqaro

Францияда пенсия ислоҳотига қарши яна намойишлар бўлиб ўтди

Францияда пенсия ислоҳотига қарши яна намойишлар бўлиб ўтди

Франциянинг қатор шаҳарларида пенсия ислоҳотига қарши намойишларда зўравонликлар авж олгани сабабли полиция сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Франциянинг қатор шаҳарларида 17 апрель, душанба куни президент Эммануэл Макроннинг пенсия ислоҳотига қарши оммавий намойишлар чоғида намойишчилар ва полиция ўртасида тартибсизликлар ва тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Акциялар Париж, Лион, Бордо, Марсел, Ренн ва Франциянинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтди. Le Figaro газетасининг ёзишича, Лионда намойишчилар петарда ёққан, Реннда полиция намойишчиларни марказдан узоқлаштириш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланишга мажбур бўлган.

Айни пайтда, Бордо префектураси намойишчилар томонидан, жумладан, полиция бўлими олдида ва LCL банки олдида ўттизта чиқинди қутиси ёқиб юборилгани ҳақида хабар берди. Қора кийимдаги намойишчилар билан тўқнашувлар чоғида полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Парижда, Le Figaro нашрининг ёзишича, 17 апрель оқшомига қадар 11 киши қўлга олинган.

Шу куни, 17 апрелда Франция президенти Эммануэл Макрон телевидение орқали чиқиш қилиб, мамлакатни бирлаштириш учун «100 кунлик дастур»ни амалга ошириш ниятида эканлигини маълум қилди. Ушбу дастур доирасида Франция бош вазири Элизабет Борн меҳнат шароитлари, хавфсизлик, таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича таклифлар тайёрлаши керак, деди у. Макроннинг сўзларига кўра, бу ишнинг натижасини 14 июлда нишонланадиган миллий байрам – Бастилияни олиш куни кўриши керак.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэл Макрон пенсия ёшини ошириш бўйича баҳсли қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда Франция ҳукумати 15 апрель куни хабар берди. Пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтарувчи ислоҳот бир неча ойлик шиддатли оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Франция Конституциявий суди бир кун аввал Макрон ташаббуси бўлган пенсия ислоҳоти, қонуннинг бир қатор моддаларидаги ҳуқуқий хатоларга қарамай, қонуний эканлигини эълон қилди. Пенсия ёшини икки йилга ошириш тўғрисидаги банднинг ўзи ҳам судьялар шикоятига сабаб бўлмади. Конституциявий суд мухолифатнинг пенсия ислоҳоти бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этди. 

Франция бош вазири Элизабет Борн конституциядаги бўшлиқдан фойдаланиб, мунозарали пенсия ислоҳоти лойиҳасини парламентда овоз беришсиз қабул қилди. Миллий ассамблеяда унинг ҳукумати ишончсизлик вотумига бардош бера олди.

KUN.UZ